Дзюдо. Япониялик мутахассис сурхондарёлик ёш дзюдочиларга мастер-класс ўтказди
Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан ҳудудлар дзюдосини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида хорижлик мураббийлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилганди.
Ушбу йўналишда фаолиятини Сурхондарё вилоятида бошлаган япониялик мутахассис Жунна Кикучи билан шартнома имзоланди. Асосий мақсад — жойларда дзюдони ривожлантириш, маҳаллий мураббийлар билан тажриба алмашиш, барча даражадаги истиқболли спортчиларни топиш ва саралашдан иборат.
Кикучи Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида бўлиб, у ерда ёш дзюдочилар билан учрашди. Тадбир давомида дзюдо ватани мураббийи ёшларга маҳорат сабоғи ўтказди, техника элементларини намойиш этди, профессионал билимлари билан ўртоқлашди, ўз тажрибасини улар билан баҳам кўрди. Жунна ўзбек спортчиларининг ўз маҳоратини оширишга бўлган қизиқиши юқори эканлигини таъкидлади.
Кикучи терма жамоа мураббийларига селекция ишларида ҳам ёрдам беради.
Япониялик мутахассиснинг фаолияти ҳудудлар дзюдосини янада ривожлантириш ва миллий мактабнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.