Дзюдо. Таътил тугади, олдинда масъулиятли мавсум. Аёллар терма жамоамиз илк хориж йиғинига йўл олди
Байрам муносабати билан эълон қилинган қишки таътил ўз якунига етиб, дзюдочиларимиз яна "иш"га қайтишди.
Бош мураббий Андрей Штурбабин бошчилигидаги Ўзбекистон аёллар терма жамоаси илк хориж йиғинини ўтказиш мақсадида Австрияга жўнаб кетди. Дзюдочиларимиз 5-12 январ кунлари Миттерзилл шаҳрида ўтказиладиган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этади.
Ҳар йили анъанавий тарзда мавсум старти олдидан Миттерзилл шаҳрида ташкил этиладиган ушбу халқаро машғулотларда Париж Олимпиадаси совриндори Мўзаффарбек Тўрабоев алоҳида дастур бўйича шуғулланади.
Йилнинг илк IJF мусобақаси Paris Grand Slam 2026 бўлиб, 7-8 феврал кунлари Франция пойтахтида бўлиб ўтади. Ўзбекистон терма жамоаси эса 2026 йилги мавсумни OTP Group Tashkent Grand Slam 2026 (28 феврал - 1 март) турниридан бошлайди. Австриядаги ўқув-машғулот йиғини пойтахтимизда ўтадиган мусобақага тайёргарликнинг илк босқичи бўлади.