Дзюдо. Ўсмирларимиз 20 та медаль билан 20 давлат орасида умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди
Иордания пойтахти Амман шаҳри мезбонлик қилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати Аурелиан Чиприан Флис бош мураббийлигидаги кадетларимиз учун муваффақиятли ўтди.
Икки кун давомида Иордания заминида 11 марта давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз баланд кўтарилди. Ўзбекистон кадетлар терма жамоаси 11 та олтин, 4 та кумуш, 5 та бронза, жами 20 та медаль билан Осиёнинг 20 давлати орасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Иккинчи ўриндаги Қозоғистон терма жамоаси ҳисобида 2 та олтин, 7 та кумуш, 6 та бронза медали бор. Кучли учликка 2 та олтин ва 2 та бронза медали билан Эрон кадетлари якун ясаб берди.
Осиё чемпионатида қатнашган 20 давлат делегацияларининг тенг ярми Иорданиядан камида битта бронза медали билан қайтадиган бўлди.
Таqqослаш учун, ўтган йили Индонезияда ўтган ва 21 давлат қатнашган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 7 та олтин, 3 та кумуш, 8 та бронза, жами 18 та медаль умумжамоа ҳисобида 1-ўринни банд этган эди.