Дзюдо. Президент Олимпиадаси финал босқичига тайёргарлик муҳокама қилинди
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан иқтидорли спортчи ёшларни энг қуйи бўғиндан бошлаб саралаш мақсадида шу йил 17 май санасидан эътиборан илк марта "Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари" (15-17 ёш тоифасида) спорт мусобақалари ўтказила бошланган эди.
Уч босқичдан (минтақавий (туман-шаҳар), вилоят ва Республика) иборат комплекс мусобақанинг барча саралаш баҳслари якунига етиб, Республика финал босқичи иштирокчилари аниқланди. 24 ноябрь - 4 декабрь кунлари оралиғида Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасида 3-босқич сифатида ўтказиладиган "Президент Олимпиадаси" спорт мусобақалари бўлиб ўтади.
Бугун Ўзбекистон дзюдо федерациясида дзюдо мусобақаси иштирокчилари тайёргарлигига бағишланган йиғилиш ўтказилди. ZOOM платформасида ўтган йиғилишда Федерациянинг барча ҳудудий бўлимларидан масъуллар иштирок этди. Федерация Бош котиби Азиз Собиров раислик қилган тадбирда "Президент Олимпиадаси"га тайёргарлик масалалари муҳокама марказида бўлди.
Маълумот учун, "Президент Олимпиадаси"да биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган спортчилар Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қабул қилинади.