Дзюдо. Озарбайжон Ўзбекистоннинг дзюдо бўйича жаҳон чемпионатини ташкил этиш тажрибасини ўрганмоқда
4-11 октябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳри катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.
Ўзбекистон дзюдо федерациясида Озарбайжон дзюдо федерацияси бош котиби ўринбосари, спорт директори Камран Талибов, Ҳудудлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Орхан Мамедов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси бош котиби Азиз Собиров, Ҳудудлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Бахтиёр Юлдашев, шунингдек, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) мутахассиси Абдулла Мурадов иштирокида ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларнинг асосий мавзуси Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатини ташкил этиш масаласи бўлди. 2022 йилда катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини юқори савияда ўтказган Ўзбекистоннинг муваффақиятли тажрибасини инобатга олган ҳолда, Озарбайжон томони Федерациямизнинг ишланмаларини ўрганишга қизиқиш билдирди.
Учрашув давомида томонлар жаҳон тақвимидаги энг йирик турнирга тайёргарлик кўришнинг асосий жиҳатлари, ташкилий масалаларни муҳокама қилдилар ва бундай миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш бўйича амалий тажриба алмашдилар. Олинган тавсиялар Бокудаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида фойдаланилади.