Дзюдо. OTP Group Ташкент Гранд Слэм 2026 турнирига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди
Эртага пойтахтимиздаги "Humo Arena" мажмуасида старт оладиган “Катта Дубулға” туркумига кирадиган, мукофот жамғармаси 154 000 еврони ташкил этувчи нуфузли мусобақага қуръа ташланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Халқаро дзюдо федерацияси Спорт директори Владимир Барта, IJF Бош Рефери директори Армен Багдасаров ҳамда IJF Таълим ва мураббийлик бўйича директори Муҳаммад Мерийда иштирок этди.
Маросимда сўз олган Одил Қаландарович давлатимиз раҳбари бошчилигида барча спорт турлари, хусусан, дзюдо ривожи йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапириб, барча спортчиларга ғалаба ва омад тилади.
"Tashkent Grand Slam 2026" турнирига мезбонлик қилиш биз учун катта шараф. Бу воқеа Янги Ўзбекистонда спорт миллий ғояга айлангани, спортчиларимиз халқаро майдонда дунёнинг муносиб элчилари бўлиб майдонга чиқаётганининг ёрқин рамзидир. Ўзбекистонда шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан профессионал ҳамда оммавий спорт ривожи, бу орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини янада қарор топтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Халқаро олимпия қўмитаси ҳамда Жаҳон спорти ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтариляпти. Спортчиларимиз тарихий натижаларга эришишяпти", - деди Абдураҳмонов.