Дзюдо. Лев Югай бошчилигида илмий тадқиқот йўналишидаги ишлар муҳокама қилинди
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди.
Унда қатор масалалар қаторида спорт соҳасидаги илмий йўналиш ҳақида ҳам гап борган ва давлат томонидан рағбатлантирилиши айтилган эди. Агар олимларнинг илмий иши натижа бериб, спортчиларнинг ютуқлари ва халқаро мусобақалардаги медаллари кўпайса, бундай олимлар 100 миллион сўмдан мукофотланади.
Ўзбекистон дзюдо федерациясида айни мавзу бўйича йиғилиш ўтказилди. Ўзбек дзюдоси асосчиларидан бири, профессор Лев Югай илмий йўналишда амалга оширилиши керак бўлган ишлар бўйича ўз тавсияларини берди. Хусусан, фан ва амалийот интеграциясини кучайтириш, замонавий ўқитиш методикаларини жорий этиш, шунингдек, ихтисослаштирилган илмий-услубий материалларни ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгиланди.
Лев Павлович Югай дзюдо бўйича тайёргарлик тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган бир қатор фундаментал илмий ишлар, монографиялар ва услубий қўлланмалар муаллифидир.