Дин Лижэнь: \"1-таҳтада ўйнаганим тўғри қарор бўлди, элита шахматчилари билан бемалол дуранг ўйнай оламан\"
Хитойнинг "Dragon Chilling" жамоаси етакчиси Дин Лижэнь рапид ва блиц бўйича Жаҳон чемпионатида қайд этилган олтин дубль (иккита олтин медаль) ҳақида ўз таассуротлари билан бўлишди.
"Бу шунчаки фантастика! Турнирдан олдин йигитлар билан ҳазиллашиб: 'Иккита медаль олсак қандай бўларкин-а? Айниқса, иккита олтин?', дегандик. Ва бу ростдан ҳам амалга ошди. Сўнгги турдан олдин Ю Янъи туш кўрибди, тушида финалда ютқазаётган эканмиз. Лекин у 'туш доим тескари келади', деб айтди ва бу ростдан ҳам биз учун яхши ишора бўлди.
Тайёргарлигимизни ажойиб даражада эди деб ўйлайман. Мени 1-таҳтага қўйишгани ҳам жуда тўғри қарор бўлди, сабаби менинг энг кучли томоним — позицияларни ушлаб қолиш. Мен қолган ТОП шахматчиларни жуда яхши биламан, улар билан кўп бор ўйнаганмиз. Шунинг учун ҳам уларга қарши бемалол дуранг ўйнай оламан.
Асосий яширин қуролимиз эса, биласизми, Лу Шанлей бўлди. У бизнинг топ-учлигимизга қараганда унчалик машҳур эмасдир, аммо у ҳақиқий блиц устаси. Lichess'да унинг рейтинги 2900 атрофида. У бу сафар қанчалик кучли эканини амалда кўрсатиб, жамоамизнинг ҳақиқий MVP (энг қимматли ўйинчиси) га айланди.
Мен ўзим ҳам биоз ўзгарганман, ўзимга бўлган ишонч ортди. Ҳа, ҳозирда рақиб дуранг таклиф қилса ҳам, баъзида ғалаба учун охиригача курашяпман. Ва бундан жудаям хурсандман. Имкониятлар доим топилади.
Олдинлари баъзи турнирларда менда ҳозиргидек иштиёқ бўлмасди, ўйиндан завқ олмасдим. Чунки партия давомида ўзимда доимий босим ва қандайдир қийинчилик ҳис қилардим. Лекин бу мусобақада, қайсидир лаҳзада мен шунчаки ўйиндан роҳатланишни бошладим. Ҳатто баъзи ютқазган партияларимда ҳам — масалан, машҳур гроссмейстер Алексей Шировга қарши ўйинда. Таҳтада фантастик жанг бўлди. Мен ютқаздим, лекин ўйиннинг боришидан чиндан ҳам лаззат олдим", — дейди Дин Лижэнь.