Деновдаги кураш мусобақасида таниқли полвон пичоқлаб ўлдирилди
9-май куни Сурхондарё вилояти Денов туманида мудҳиш воқеа содир бўлди. Туман тиббиёт техниккуми ўйингоҳида ўтказилган миллий кураш мусобақаси инсон ўлими билан якунланди.
Мусобақа давомида Низомиддин полвоннинг ўғли Аюбхон Хуррамов рақиби Бўстонбек Жабборов устидан ғалаба қозонган. Укасининг мағлубиятидан ғазабланган Достон Жабборов кутилмаганда Низомиддин полвоннинг орқа томонидан келиб, унга пичоқ билан бир неча бор зарба берган.
Оғир тан жароҳати олган Низомиддин Чўтбоев зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Бироқ, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, полвон реанимация бўлимида вафот этган. Экспертиза хулосасига кўра, марҳумнинг танасига тўртта оғир пичоқ зарбаси берилган бўлиб, улар ички органларни тешиб ўтган.
Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан Достон Жабборовга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “л” банди (Безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ушланган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, гумонланувчи Достон Жабборов муқаддам судланган шахс бўлган.