CISM Кураш Challenge Cup — ташкилий масалалар муҳокама марказида
Халқаро Кураш ассоциацияси Бош қароргоҳида “CISM Kurash Challenge Cup” мусобақасини юқори савияда ўтказишга бағишланган навбатдаги муҳим учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, Кураш спорти 2025 йил май ойида Халқаро ҳарбий спорт Кенгаши (CISM) томонидан расман ҳарбий спорт тури сифатида эътироф этилди. Ушбу тарихий қарордан сўнг илк бор CISM тақвим режасига мувофиқ жорий йилнинг 4–9 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида CISMга аъзо давлатлар Кураш федерациялари иштирокида CISM Kurash Challenge Cup мусобақаси ташкил этилиши режалаштирилган. Учрашув давомида мусобақани юксак ташкилий даражада ўтказиш, хорижий делегацияларни қабул қилиш, спорт иншоотлари тайёргарлиги, ахборот сиёсати самарали йўлга қўйиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда Халқаро Кураш ассоциацияси Бош котиби Муҳаммад Реза Насирий, Администрация раҳбари Мансур Мирзаев, Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари Мансур Мамадаминов ва Максим Сухов, шунингдек, Ўзбекистон Кураш федерацияси Раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Қодиров ҳамда Раис ёрдамчиси Сардорбек Каримов иштирок этдилар.
Муҳокамалар чоғида ИКА Бош котиби мазкур мусобақа CISM доирасида ҳарбийлар ўртасида илк бор ташкил этилаётгани билан алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Қайд этилганидек, мусобақада 30 дан ортиқ давлат спортчилари иштирок этиши кутилмоқда, беллашувлар эса 13 та вазн тоифасида бўлиб ўтади.
Шунингдек, йиғилишда мусобақа Низомини тайёрлаш, расмий логотипни ишлаб чиқиш, тарғибот-ташвиқот роликларини тайёрлаш ҳамда халқаро медиа қамровини кенгайтириш юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
“CISM Kurash Challenge Cup” нафақат ҳарбий спорт ҳамжамияти, балки бутун жаҳон Кураш оиласи учун муҳим воқеа сифатида эътироф этилмоқда.