Бухорода Ўзбекистон Дзюдо Тур доирасидаги илк мусобақалар бошланди
12 апрель куни Бухоро туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида «Ўзбекистон Дзюдо Тур» сериясидаги биринчи мусобақалар старт олди. Эркаклар ўртасидаги беллашувларда -81 кг, -90 кг, -100 кг ва +100 кг вазн тоифалари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Ғолиб ва совриндорлар медаллар билан бир қаторда пул мукофотлари ҳам олади.
Бухоро босқичи учун ажратилган умумий мукофот жамғармаси 200 миллион сўмни ташкил этади. Ўз вазнида ғолиб чиққанлар 22 миллион, иккинчи ўрин соҳиблари 14 миллион, бронза медали эгалари эса 7 миллион сўмдан қўлга киритади.
Эслатиб ўтамиз, 11 апрелдан бошлаб Европада дзюдо бўйича кубок мусобақалари ўтказилмоқда. Санжарбек Ашуров ушбу турнирдаги илк жангида ғалаба қозонди - у -66 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилиб, юнон дзюдочиси Панайотис Димитракасни мағлуб этди. Дилшод Каримов (-60 кг) эса иккинчи босқичда IJF байроғи остида қатнашган Давид Рамонов устидан ишончли ғалабага эришди.