Бухоро вилоятида спорт соҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Бугун Бухоро вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Спорт вазири Адҳам Икрамов бошчилигида вилоятда спорт соҳасини янада ривожлантириш мақсадида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари, спорт таълим муассасалари раҳбарлари, спорт федерациялари ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Йиғилиш давомида 2025-йилда вилоятда спорт соҳасида эришилган натижалар, мавжуд камчиликлар ҳамда 2026-йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, “Президент олимпадаси” мусобақаларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда “Беш ташаббус” олимпадаси қамровини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳаллаларга бириктирилган тренер-селекционерларнинг иқтидорли спортчиларни саралаб олишда тутган ўрни таҳлил қилинди.
Йиғилиш якунида мутасадди раҳбар ва масъул ташкилотларга соҳа олдида турган долзарб вазифалар юзасидан аниқ топшириқлар белгилаб берилди.