Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубогидаги юришини бошлайди
Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида кеча старт олган футзал бўйича Осиё кубогида бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқичидаги илк учрашувини ўтказади.
Нодир Элибўев бошчилигидаги терма жамоамиз “C” гуруҳи 1-турида қўшни Тожикистон терма жамоасига қарши паркетга чиқади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубогида узлуксиз иштирок этиб келаётган тўртта жамоадан бири ҳисобланади. Шунингдек, Эрон, Япония ва Таиланд терма жамоалари ҳам қитъа биринчилигини бирор марта ҳам ўтказиб юбормаган.
Терма жамоамиз Осиё чемпионатларининг энг совриндор жамоаларидан бири ҳисобланади. Футзалчиларимиз қитъа биринчилиги тарихида 4 бор финалгача етиб борган ва 4 марта вице-чемпион бўлган. Шунингдек, 6 марта бронза медалини қўлга киритган.
Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубогининг финал босқичларида жами 91 та учрашув ўтказган:
60 ғалаба
8 дуранг
23 мағлубият