locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

“Бу — ёш масаласи”: Накамура нега Фирўжга ютқазганини тушунтирди

Америкалик стример ва шахматчи Хикару Накамура Speed Chess Championship ярим финалида Алиреза Фирўжга нега мағлуб бўлганини изоҳлади.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
“Бу — ёш масаласи”: Накамура нега Фирўжга ютқазганини тушунтирди
photo: Chess Uzbekistan

Америкалик стример ва шахматчи Хикару Накамура Speed Chess Championship ярим финалида Алиреза Фирўжга нега мағлуб бўлганини изоҳлади.

— Менда иккита ортиқча пиёда бор эди ва бу 100 фоиз ютуғим керак бўлган эндшпиль эди. Агар ўша пиёдани ферзга чиқишдан тўхтатганимда, партияни ютган бўлардим. Бундан ташқари, шоҳни аввалроқ қайтаришим керак эди, бундан нима учун воз кечганимни ўзим ҳам тушунтира олмайман — бу ёки асабдан, ёки ҳал қилувчи паллада инстинкт хатоси.

Шу ерда у муҳим бир ҳолатга эътибор қаратди:

— Менимча, шахматчиларда ёш ўтиши билан тез-тез учрайдиган нарса бор: айрим вазиятларда одам анча ҳиссиётга берилиб кетади.

У бунга аниқ мисол келтирди:

— Яқинда рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионатида Максим Ваше-Лаграв ва Ян Непомняшчий ўртасидаги партияни эслаб кўринг. Ҳал қилувчи лаҳзаларда — Ян ютяптими ёки хатолик қилаётган пайтларда — ёшликда бўлмаган даражада ҳиссиёт намоён бўлди. Магнусда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бор. Ўйлайманки, ёш билан бу ҳақиқатан ҳам юз беради.

— Нега буни айтаяпман? Чунки мен g5 юришини қилганимда, бошимда “пиёдани шоҳ билан ферзга чиқараман ва ўйин тугади” деган фикр бор эди. Ҳатто ҳаммаси ҳал бўлган каби, кичик ғалаба ишорасини ҳам қилган бўлишим мумкин. Аслида эса бундай қилиш керак эмас эди.

Накамура яна бир ҳолатни эслади:

— Август ойида Esports World Cup’да хитойлик Вэй Ига қарши ютуқли позициям бор эди. Мен ғалабани нишонламадим, лекин ҳаддан ташқари оптимистик бўлиб кетдим — “ўйин тугади” деб ўйладим. Натижада хатоликка йўл қўйдим ва ўша пайтда партияни бой бермай, тай-брейкка чиқиб кетганим ҳақиқий мўъжиза бўлган. Агар ўша ютса бўладиган партияни бой берганимда, Магнус билан ярим финалга ҳам етиб бормаган бўлардим.

— Лекин ҳиссиётларни ҳар доим ҳам назорат қилиб бўлмайди. Матч тўрт соатдан кўпроқ давом этди ва мен ҳаммаси тугади деб ишонган эдим. Шунинг учун Алиреза кутилмаганда f4 га рух билан қурбонлик қилганида, бу мен учун жуда ёқимсиз сюрприз бўлди ва ўша пайтда бутунлай ўзимни йўқотдим. Бу бутун матч контекстида ҳақиқий фожиа, чунки бу — 99 фоиз ҳолларда ютилган партия эди. Аммо яна вақт танқислигида нотўғри қарорлар қабул қилдим.

Шунга қарамай, Накамура рақибига баҳо беришни ҳам унутмади:

— Алирезага муносиб эътироф бериш керак: мен матч аллақачон менинг фойдамга ҳал бўлди деб ўйлаган асосий лаҳзаларда у бардош бера олди. Маълум бўлишича, ундай эмас экан. Ўйлайманки, охир-оқибат шунчаки ҳолдан тойган эдим.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг