Бранденбург шаҳрида (Германия) байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Жаҳон кубогининг II босқичи бошланди.
Бугун Бранденбург шаҳрида (Германия) байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Жаҳон кубогининг II босқичи бошланди. Мусобақада тажрибали спортчилар билан бир қаторда ёш истеъдод эгалари ҳам иштирок этмоқда. Энг ёш ва энг катта ёшдаги спортчилар ўртасидаги фарқ 43 ёшни ташкил қилади. Энг катта ёшдаги атлет — 1969-йил май ойида туғилган испаниялик Арасели Мандуина бўлса, энг ёш иштирокчи — 2011-йил сентябр ойида туғилган Милана Душев-Янич ҳисобланади.
Мусобақада 5 қитъадан 60 та давлат вакили бўлган жами 854 нафар спортчи қатнашади. Тўрт кун давом этадиган баҳсларда 243 та пойга ўтказилади. Параканоэ йўналишида эса 159 нафар эшкак эшувчи қатнашади.
Жами 36 та медал жамланмаси учун баҳс олиб борилади: шундан 24 таси байдарка ва каноэда эшкак эшиш, 12 таси эса параканоэ йўналишига тўғри келади.
Германия сўнгги бор Жаҳон кубоги босқичига 2019-йилда Дуйсбург шаҳрида мезбонлик қилган эди.
Спортчилар 2028-йилда Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма берувчи рейтинг очколари учун курашни давом эттирмоқда.