Болгариялик стример Магнус Карлсенни мағлуб этганидан сўнг кийимларини йиртиб ташлади (видео)
Болгариялик шахматчи ва стример, интернетда “Witty Alien” номи билан танилган Волен Дюлгеров Chess Club Showdown турнирида Магнус Карлсен устидан сенсацион ғалабага эришди. Баҳс 5 дақиқалик блиц форматида ўтказилди ва Дюлгеров қора доналарда ўйнади.
Партия давомида Карлсен катта устунликка эга бўлган, бироқ 20-юришда жиддий хатога йўл қўйган. Дюлгеров бундан фойдаланиб, кетма-кет шах бериш орқали вазиятни ўз фойдасига ўзгартирди ва норвегиялик гроссмейстерни таслим бўлишга мажбур қилди.
Ғалабадан кейин 27 ёшли болгариялик стримернинг реакцияси ижтимоий тармоқларда тез тарқалди. Дюлгеров қувончдан бақириб, ўзини тута олмай қолган ва эфир вақтида кийимларини ечиб юборган. Унинг ғайриодатий байрам қилиши қисқа вақт ичида шахмат мухлислари орасида вирусдек тарқалди.
Маълумот учун, Дюлгеров FIDE’да Candidate Master унвонига эга бўлиб, 2026-йил сентябрь ҳолатига кўра унинг классик рейтинги 2181 очкони ташкил этган. Chess.com’да эса унинг блиц рейтинги 2612 атрофида бўлган, Карлсеннинг кўрсаткичи эса 3396 эди. Chess Club Showdown’нинг илк турнирида жами 4400 нафар иштирокчи қатнашган.