locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Биринчи лига: янги истеъдодлар ва катта ютуқлар мавсуми

Бекзод Жумабоев 25 та гол билан Биринчи лига тўпурари бўлди.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Биринчи лига: янги истеъдодлар ва катта ютуқлар мавсуми
Фото: Ўзбекистон футзали

Биринчи лига мусобақаси кутилганидек энг кучли таркибга эга бўлган “Гулистон” футзал жамоасининг ғолиблиги билан якунланди. Кўп йиллик танаффусдан сўнг Сирдарё вилоятининг бош жамоаси яна кучлилар сафига — Олий лигага қайтди. Бу муваффақиятда, албатта, вилоят спортига бефарқ бўлмаган, футзал келажаги учун жон куйдирган фидойи мутахассислар ҳамда ташаббускор раҳбарларнинг ҳиссаси беқиёс бўлди.

Сирдарёликлар бутун мавсум давомида барқарор ўйин намойиш этдилар. Ёш мураббий Равшан Толипов бошчилигидаги жамоа 14 учрашувнинг 12 тасида ғалаба қозонди. Фақатгина республиканинг энг шимолий ҳудудлари вакиллари — “Арал” ва “Хоразм” жамоалари “Гулистон”дан биттадан очко тортиб олишга муваффақ бўлишди. Рақиблар дарвозасига 90 та гол урган “Гулистон” лигасининг энг сермаҳсул жамоасига айланди. Шу билан бирга, улар ҳимояда ҳам ишончли ўйин кўрсатиб, энг кам гол ўтказган
жамоа сифатида ҳам ажралиб туришди.

Жамоа сардори Бекзод Жумабоев 25 та гол билан Биринчи лига тўпурари бўлди. Шунингдек, муқаддам Олий лига ҳавосидан баҳраманд бўлган Ботирбек Ризаев ва Дилшод Файзиевлар ҳам тўпурарлар рўйхатининг юқори поғоналаридан жой олди. Бу эса “Гулистон” жамоаси мавсум аввалидаёқ катта мақсадларни кўзлаб, таркибни пухта шакллантирганини кўрсатади.

Мусобақа кумуш медалларини қўлга киритган “Хоразм” жамоаси натижаси ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Ғолиб жамоа билан сўнгги турда жанговор дуранг қайд этган урганчликлар Олий лигага ўтиш учрашувига йўлланмани ҳам қўлга киритишди. Тажрибали мутахассис Фурқат Хайруллаев бошчилигида жамоа турдан турга ўйинини яхшилаб борди ва якунда ўз олдига қўйган мақсадига эришди. Шу ўринда мухлислар Ўзбекистон футзал тарихидаги илк чемпион — 1996 йилги мавсумда ғолиб бўлган “Рўзмат Мадаминов” жамоасини ҳам яхши эслашади.

Бронза медалларини эса Қорақалпоғистон Республикасининг “Арал” жамоаси қўлга киритди. Мавсум давомида намойиш этилган мазмунли ва интизомли ўйинлар ушбу ҳудудда футзалга бўлган қизиқиш қанчалик юқори эканини яна бир бор исботлади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон ва Хоразмда футзалнинг қайта ривожланиши, унинг оммавий тус олиши ҳамда маҳаллий жамоаларнинг юқори натижаларга эришиши Ўзбекистон футзал федерацияси раҳбариятининг ҳудудларга қилган ташрифлари ва олиб борилган самарали ишлари натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Мусобақада Жиззах вилоятининг “Политехник”, Андижоннинг “Бобур”, Сурхондарёнинг “ТерДУ” жамоалари, шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаларининг иштирокӣ ҳам мухлислар диққат марказида бўлди. Жиззах футбол академиясининг 16–17 ёшли тарбияланувчилари учун эса бу мавсум катта тажриба мактаби вазифасини ўтди.

Розикжон Султонмуродов
Розикжон Султонмуродов
Журналист
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг