«Беш ташаббус Паралимпиадаси» спорт мусобақаларининг Республика босқичи ғолиблари тақдирланди
13-15-июль кунлари “Олимпия шаҳарчаси”да “Беш ташаббус Паралимпиадаси” спорт мусобақаларининг Республика босқичи бўлиб ўтди. Бугун мазкур ўйинларнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбирда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансур Оллойоров, Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, Бош вазир ўринбосари Дилноза Каттахонова, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Миллий Олимпия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Адаптив спорт турлари ассоциацияси раиси Мухторхон Ташходжаев, шунингдек, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари расмийлари, ҳукумат вакиллари ва бошқа мутасаддилар мусобақа иштирокчиларини эришган натижалари билан самимий муборакбод этишди. Шунингдек, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этиш жоиз, мусобақалар пара енгил атлетика, пара стол тенниси, пара бадминтон, пара армрестлинг ҳамда шахмат спорт турлари бўйича ўтказилди. Унда Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 364 нафар иштирокчи медаллар учун баҳс олиб боришди.
Мусобақа якунларига кўра умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти 1-ўринни, Самарқанд вилояти 2-ўринни, Хоразм вилояти эса 3-ўринни эгаллади. Якунда ҳар бир спорт тури бўйича ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланишди.