Баҳодир Қодиров Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари этиб тайинланди
Сурхондарё вилояти мамлакатимизда дзюдо марказларидан бири ҳисобланади. Жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил давлат сиёсати, шунингдек, Ўзбекистон дзюдо федерациясининг тизимли ишлари туфайли ҳудудда миллий дзюдомиз ривожига катта ҳисса қўшган бир қатор таниқли спортчилар ва мураббийларни тарбиялаган кучли мактаб шаклланди.
Айни шу Сурхондарё замини ўзбек дзюдосига Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори Абдулло Тангриев, Олимпия ўйинлари бронза медали совриндори, жаҳон чемпиони ва Осиё ўйинлари ғолиби Музаффарбек Тўрабоев, жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори Шарофиддин Лутфуллаев, IJF Жаҳон серияси турнирлари ғолиб ва совриндорлари Умар Бозоров, Ҳикматулло Тўраев каби кўплаб таниқли спортчиларни етиштирган. Улар миллий дзюдомиз ривожи ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшдилар.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилган Денов дзюдо бўйича ихтисослаштирилган спорт маҳорат мактаби Сурхондарё дзюдо мактаби ривожида алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда у авлодлар алмашинувини таъминлаш ва миллий дзюдо мактабини янада ривожлантиришда спорт захираси ҳамда миллий терма жамоага номзодларни тайёрлаш бўйича асосий марказлардан бири ҳисобланади.
Баҳодир Тўхтаевич кўп йиллар давомида Сурхондарё вилоятида дзюдони ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашиб, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, болалар ва ўсмирлар спортни ривожлантириш ҳамда ёшлар ўртасида дзюдони оммалаштиришга қаратилган ташаббусларни амалга оширишда яқиндан ёрдам бериб келмоқда.
Ишончимиз комил, Баҳодир Тўхтаевичнинг профессионал ва ташкилотчилик тажрибаси, унинг масъулияти ва ишга бўлган садоқати Ўзбекистон дзюдо федерацияси салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, янги ташаббусларни рўёбга чиқариш, ҳудудий мактабларни ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз шарафини нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қила оладиган спортчиларни тайёрлашда муҳим омил бўлади.