Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида Халқаро очиқ Кураш чемпионати ўтказилади
2026 йил 22–23 май кунлари Бангладеш Халқ Республикаси пойтахти Дакка шаҳрида Халқаро Кураш ассоциацияси тақвимидан ўрин олган нуфузли мусобақалардан бири — Кураш бўйича Халқаро очиқ чемпионати бўлиб ўтади.
Мазкур мусобақа дунёнинг турли қитъаларидан ташриф буюрадиган энг кучли полвонларни бир майдонда жамлаб, замонавий Кураш тараққиётининг навбатдаги муҳим босқичини намоён этади. Чемпионат доирасида турли ёш ва вазн тоифаларида ғолиблар аниқланиб, жаҳон миқёсидаги энг кучли курашчилар саралаб олинади.
Чемпионатда Халқаро Кураш ассоциациясига аъзо миллий федерацияларнинг спортчилари иштирок этиши мумкин. Ҳар бир мамлакатдан ҳар бир вазн тоифасида икки нафаргача курашчи қатнашишига рухсат берилади.
Беллашувлар Дакка шаҳридаги Shaheed Tajuddin Ahmed Wooden Floor Gymnasium спорт мажмуасида ташкил этилади.
Мусобақа дастурига мувофиқ, катталар ўртасидаги баҳслар 22 май куни, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги беллашувлар эса 23 май куни бўлиб ўтади.
Халқаро Кураш ассоциацияси барча миллий федерацияларни ушбу чемпионатда фаол иштирок этишга таклиф қилади.
Иштирокчилар “IKA Registration system” сайтида 10 май кунига қадар рўйхатдан ўтказилади.