Азизжон Камилов стратегик ривожланиш ва маркетинг бўйича Осиё дзюдо иттифоқи вице-президенти этиб тайинланди
Азизжон Камилов Осиё дзюдо иттифоқи (JUA)нинг стратегик ривожланиш ва маркетинг бўйича вице-президенти лавозимига тасдиқланди.
У бунгача маркетинг бўйича вице-президент лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Янги вазифасида Камилов JUA фаолиятининг асосий йўналишлари — тадбирларни ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш ҳамда тижорий ҳамкорликни стратегик ривожлантириш масалаларини назорат қилади. Бу Осиё дзюдо иттифоқининг мавқеини мустаҳкамлаш ва янада танилишига хизмат қилади.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ихтисослаштирилган учта департамент ташкил этилади:
1. Тадбирларни ташкил этиш департаменти
a. JUA тадбирларини расмий шахслар ва жамоалар билан ҳамкорликда юқори савияда ўтказилишини таъминлаш.
b. Барча ташкилий масалаларни медиа ва ҳомийлар талабларига мувофиқ келиштириш.
c. Тадбирларни ташкил этишнинг барча босқичларида JUA ташкилотчиларига ёрдам кўрсатиш.
2. ТВ, медиа ва маркетинг департаменти
a. Телевидение, рақамли ва ижтимоий медиа соҳасида JUA стратегиясини шакллантириш.
b. Контент ишлаб чиқариш ва сторителлингни ривожлантиришни назорат қилиш.
c. Спортчилар ва тадбирларни барча платформаларда тарғиб қилиш.
3. Ҳомийлик ва ҳамкорлик департаменти
— Ҳомийлик стратегияси ва таклифларини ишлаб чиқиш
— Маҳаллий, минтақавий ва халқаро даражада ҳамкорларни жалб қилиш
— JUA дастурлари учун барқарор молиялаштиришни таъминлаш

Тузилмадаги ўзгаришлар доирасида Азизжон Камилов департамент раҳбарларини тайинлаш ва қўйилган мақсадларга самарали эришиш учун жамоани шакллантириш ваколатига эга бўлади.