Азизжон Камилов Ислом Бирдамлиги ўйинларига тайёргарлик кўраётган дзюдочиларимиз билан учрашди
7-21 ноябр кунлари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳри мезбонлик қиладиган ушбу турнир дастуридан дзюдо беллашувлари ҳам ўрин олган.
Бугун Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов йилнинг асосий мусобақасига тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз аъзолари билан учрашди. Тадбирда терма жамоаларимиз бош мураббийлари Алексей Будолин, Андрей Штурбабин, терма жамоалар менежери Элдор Қаҳҳоров, шифокоримиз Азиз Қаюмов ва дзюдочилар иштирок этди. Азизжон Камилов Ар-Риёдга йўл оладиган терма жамоанинг ҳар бир дзюдочиси билан алоҳида суҳбатлашди. Спортчиларнинг соғломлиги, стартга тайёргарлиги билан қизиқиб, ғалаба учун ҳар бир детал – соғлиқ, кайфият, ишонч ва жамоавий бирлик муҳимлигини таъкидлади.
Маълумот учун, уч йил аввал Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган Ислом Бирдамлиги ўйинларида дзюдочиларимиз 6 та олтин, 2 та кумуш, 5 та бронза, жами 13 та медаль билан 56 иштирокчи давлат орасида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган эди. Федерация раиси бу галги натижалар аввалгисидан кам бўлмаслиги кераклигини алоҳида урғулади.