AVC U18 Beach Volleyball Championship мусобақаси тантанали равишда якунланди
Тошкент шаҳри мезбонлик қилган U18 ёш тоифасидаги Осиё соҳил волейболи чемпионати ўз ниҳоясига етди. Бир неча кун давомида давом этган нуфузли мусобақа юқори савия, кескин рақобат ва ёрқин спорт лаҳзалари билан волейбол ихлосмандларига унутилмас таассуротлар улашди.
Мазкур чемпионатда Осиё волейбол конфедерациясига аъзо давлатлардан жами 15 та терма жамоа иштирок этди. Мусобақаларда 25 та ўғил болалар ва 23 та қизлар жамоаларидан 100 нафардан ортиқ ёш спортчилар Осиё чемпионлиги учун баҳс олиб бордилар. Ҳар бир учрашувда спортчиларнинг маҳорати, тезкорлиги, жамоавий ҳамжиҳатлиги ва ғалабага бўлган интилиши яққол намоён бўлди.
Мусобақанинг тантанали ёпилиш ва тақдирлаш маросимида Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Шукуриллаевич Файзиев, федерация раиси маслаҳатчиси Анваржон Мўйдинжанов ҳамда федерация бош котиби Фарҳод Шарипович Алимов иштирок этдилар. Шунингдек, Осиё волейбол конфедерацияси вакиллари, халқаро ҳакамлар ва ташкилий қўмита аъзолари ҳам мусобақанинг юқори савияда ташкил этилганини алоҳида эътироф этдилар. Хусусан, Мальдив, Ҳиндистон, Таиланд, Шри-Ланка ҳамда Саудия Арабистонидан ташриф буюрган халқаро мутахассислар ва ҳакамлар мусобақа жараёнларида фаол иштирок этди.
Тақдирлаш маросимида мусобақани ташкил этишга муносиб ҳисса қўшган халқаро меҳмонлар, техник делегатлар ва ҳакамларга Ўзбекистон волейбол федерациясининг эсдалик совғалари топширилди.
Якуний натижаларга кўра:
Қизлар ўртасида:
1-ўрин. Хитой
2-ўрин. Австралия
3-ўрин. Қозоғистон
Ўғил болалар ўртасида:
1-ўрин. Австралия
2-ўрин. Қозоғистон
3-ўрин. Қатар