Ассаубаеванинг онаси Олимпиадада Жавоҳир Синдоров ва Ўзбекистон терма жамоасини қўллаб-қувватламоқда
Қозоғистонлик гроссмейстер Бибисара Ассаубаеванинг онаси Лиана Танжарикова Самарқандда ўтаётган 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоасига мухлислик қилаётганини маълум қилди. У Ўзбекистон таркибидан айниқса Жавоҳир Синдоровни алоҳида қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Танжарикова ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
“Аёллар баҳсида, албатта, Қозоғистонга мухлислик қиламан. Қизларимиз олтин медаль учун бор кучини ишга солиши керак. Эркаклар ўртасида эса Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайман. Жамоа жуда ёш, иқтидорли ва мақсадга интилувчан. Айниқса, Жавоҳир Синдоровга чин дилдан мухлислик қиляпман”, - деди Танжарикова.
Унинг айтишича, Ўзбекистонга бўлган илиқ муносабат болалиги билан ҳам боғлиқ. Танжарикова Жанубий Қозоғистондаги ўзбек маҳалласида улғайганини қайд этиб, икки мамлакатнинг Олимпиададаги иштирокини шунчаки рақобат эмас, балки қардош халқлар учун ўзига хос шахмат байрами сифатида қабул қилишини билдирган.
Маълумот учун, 46-Жаҳон шахмат олимпиадаси 15–27 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилмоқда. Мусобақанинг амалдаги чемпиони Ҳиндистон ҳисобланади — ушбу мамлакат 2024 йили Будапештда ўтган 45-Олимпиадада ҳам эркаклар, ҳам аёллар баҳсида олтин медалларни қўлга киритган.