Қарши шаҳрида замонавий сув спорти саройи фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 7-июль куни Тошкент шаҳрида айрим объектларга амалга оширилган ташриф давомида берилган топшириқлар ҳамда 30-сонли баён ижросини таъминлаш мақсадида, Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар “Чаман” МФЙ ҳудудида замонавий ёпиқ сув спорти саройи фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, World aquatics бюроси аъзоси Шаҳноза Мирзиёева, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, Касаба уюшмалари ҳамда Uzbekistan aquatics федерациялари раисини Қудратилла Рафиков, Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳамда маҳалла фаоллари, мураббийлар ва спортчилар иштирок этди.
Қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, барча асосий ва ёрдамчи инфратузилмалар белгиланган лойиҳа талаблари асосида барпо этилган.
Янги барпо этилган сув спорти саройи халқаро стандартларга мос ҳолда жиҳозланган бўлиб, унда 50x21 метр ўлчамдаги асосий сузиш ҳавзаси, 16x16 метрли баландликдан сакраш ҳавзаси, болалар учун 2 та 6x12 метрли бассейнлар, фитнес ва мажлис заллари, медиа хоналари ҳамда ёрдамчи инфратузилмалар мавжуд. Шунингдек, томошабинлар учун 500 ўриндиқ, кириш қисмида катта зал, 40 кишилик душ ва кийим алмаштириш хоналари, 2 та сауна ҳамда дам олиш хоналари барпо этилган.