Андижонда шахмат бўйича вилоят чемпионати якунланди
Андижон шаҳри Универсал спорт мажмуасида шахмат бўйича 6, 8, 10, 12, 14, 16 ва 18 ёш тоифасидаги ўғил болалар ҳамда қизлар ўртасида ўтказилган Андижон вилояти чемпионати бугун ўз якуннига етди.
Бир неча кун давом этган мазкур мусобақада ёш шахматчилар юқори тайёргарлик, кучли ирода ва маҳорат намойиш этиб, ғолиблик учун муросасиз ва қизиқарли баҳслар олиб бордилар. Чемпионат вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган иқтидорли ёш шахматчиларни бир майдонга жамлади.
Мусобақа якунида ҳар бир ёш тоифаси бўйича ғолиб ва совриндор ўринларни эгаллаган иштирокчилар диплом, медал ҳамда эсдалик совғалари билан тантанали равишда тақдирландилар. Шунингдек, чемпионат давомида ўзининг фаоллиги, чиройли ўйинлари ва спорт маданияти билан ажралиб турган бир қатор иштирокчилар махсус номинациялар асосида рағбатлантирилди.