Андижон шаҳрида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионатига старт берилди
Андижон шаҳридаги “Universal” спорт мажмуасида 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақа ёш авлод ўртасида интеллектуал спорт турини кенг тарғиб этиш, иқтидорли шахматчиларни аниқлаш ҳамда уларнинг маҳоратини оширишга хизмат қилади. Чемпионатда республикани турли ҳудудларидан келган ўқувчилар ўзаро куч синашмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар ёшлар ўртасида шахматни ривожлантириш, уларни стратегик фикрлаш ва мантиқий тафаккурга йўналтириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Мусобақа давомида иштирокчилар турли ёш тоифаларида ғолиблик учун баҳсларга киришмоқда. Мазкур чемпионат ёшлар спортни ривожлантириш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.