Акбар Жўраев янги мавсумни олтин медаль билан бошлади! Шарофиддин Амриддинов ҳам шоҳсупада!
Хитойнинг Jiangshan шаҳрида давом этаётган катталар ўртасидаги Осиё чемпионатидан хушхабарлар келишда давом этмоқда.
Бундан биоз аввал эркаклар ўртасида -109 кг вазн тоифасида супага кўтарилган ҳамюртимиз - Акбар Жўраев ҳамда Шарофиддин Амриддинов қитъа биринчилигининг олтин ва кумуш медалларига сазовор бўлишди.

Жумладан, Акбар Жўраев даст кўтаришда 183 кг, сиқиб кўтаришда 223 кг ва икки курашда 406 кг натижа қайд этган ҳолда 3 та олтин медални қўлга киритган бўлса, Шарофиддин Амриддинов даст кўтаришда 181 кг, сиқиб кўтаришда 214 кг ва икки курашда 395 кг натижа кўрсатиб, 3 та кумуш медални делегациямиз ҳисобига қўшиб қўйди.

Та’кидлаш керакки, ушбу Осиё чемпионати Олимпия ўйинлари ғолиби ва совриндори Акбар Жўраев учун Париж Олимпиадасидан кейинги дастлабки расмий мусобақа ҳисобланади. Шунга қарамасдан, истеъдодли спортчимиз мавсумнинг илк мусобақасида юқори натижа кўрсатиб, делегациямиз ҳисобига мазкур Осиё чемпионатидаги дастлабки олтин медалларни олиб келди.

Яна бир эътиборли жиҳати, Хитойдаги қитъа биринчилиги терма жамоамизда фаолият юритиб келаётган мисрлик мутахассис Халид Корани учун ҳам биринчи расмий мусобақа бўлди.