Айчи-Нагоя-2026 сари қадам: Тошкентда “FunRun” мусобақаси олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Ёзги Осиё ўйинлари олдидан анъанага айланган “FunRun” югуриш мусобақалари бу йил ҳам қитъа бўйлаб спорт ва Олимпия ҳаракатини кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Айни шу мақсадда бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Айчи-Нагоя-2026 Осиё ўйинларига бағишлаб ўтказиладиган FunRun мусобақаси олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қасимов, Осиё Олимпия Кенгаши ҳамда Айчи-Нагоя-2026 ташкилот қўмитаси вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида FunRun доирасида нафақат югуриш баҳслари, балки Олимпия ҳаракатини тарғиб қилишга хизмат қилувчи расм чизиш танлови ҳам ташкил этилиши айтилди.
Шунингдек, матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоасининг ХХ ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.