Афғонистонда илк бор Кураш бўйича йирик халқаро турнир ўтказилди
Афғонистонда илк бор Кураш бўйича йирик халқаро турнир ўтказилди
Кеча, 23 апрел куни Кобул шаҳрида анъанавий кураш турлари бўйича халқаро фестивал тантанали равишда бошланди. Мазкур нуфузли мусобақа доирасида Кураш бўйича беллашувлар ташкил этилди. Айниқса, фестивал доирасида Афғонистон тарихида илк бор Кураш бўйича шундай кенг қамровли халқаро турнир ўтказилгани ушбу тадбирнинг аҳамиятини янада оширди.
Мусобақада Афғонистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Қирғизистон ва Эрон давлатларидан жами 170 нафар спортчи иштирок этди. Беллашувлар 60 кг, 66 кг, 73 кг, 81 кг, 90 кг, –100 кг ва +100 кг вазн тоифаларида бўлиб ўтди. Уларнинг 110 нафари мезбон мамлакат вакиллари бўлса, 60 нафар спортчи хорижий давлатлар шарафини ҳимоя қилди.
Фестивальнинг очилиш маросимида Афғонистон ташқи ишлар вазири Амирхон Му_tt_ақий, Жисмоний тарбия ва спорт ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Ахмадуллоҳ Васиқ, қишлоқ хўжалиги вазири Мавлавий Аттауллоҳ Умарий, Кобул вилояти ҳокими Аминуллоҳ Убайд ҳамда ички ишлар вазирлиги ва Бош вазир девонининг қатор юқори лавозимли вакиллари иштирок этди. Шuningdek, Кобул шаҳри полиция бошлиғи Мулла Ҳамза ҳам тадбирда қатнашиб, мусобақанинг юқори нуфузини яна бир бор намоён этди.
Қизғин ва муросасиз беллашувлар якунига кўра, Кураш йўналишида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Тожикистон вакилларига насиб этган бўлса, мезбон Афғонистон спортчилари шарафли учинчи ўринни қўлга киритди.
Халқаро Кураш ассоциацияси ушбу мусобақани Афғонистонда Кураш спорт турининг ривожланишида муҳим тарихий қадам сифатида баҳолайди. Мазкур турнир нафақат спортдаги рақобат майдони, балки минтақавий ҳамжиҳатлик ва маданий алмашинув рамзи сифатида ҳам катта аҳамият касб этди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2024 йил 28–30 сентябр кунлари Халқаро Кураш ассоциацияси Президенти Ҳайдар Фармон бошчилигидаги ИКА делегацияси Афғонистонга расмий ташриф буюрган эди. Ташриф давомида Афғонистон ҳукумати раҳбарияти, ташқи ишлар ва спорт вазирлари, Миллий олимпия қўмитаси масъуллари билан қатор самарали учрашувлар ўтказилиб, мамлакатда Кураш бўйича халқаро мусобақаларни ташкил этиш ва ушбу спорт турини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилган эди.