Абдусатторов Сент-Луисда блицни заўр билан бошлади, жаҳон чемпионини ортда қолдирди
АҚШнинг Миссури штати, Сент-Луис шаҳрида 175 минг долларлик Saint Louis Rapid & Blitz шахмат турнири қизғин паллага кирди. Бу GCT туркумидаги тўртинчи босқич бўлиб, унда дунёнинг етакчи гроссмейстерлари иштирок этмоқда. Ўзбекистон шарафини Нодирбек Абдусатторов ҳимоя қиляпти.
Турнир форматига кўра, дастлаб 3 кун рапид (25+10), кейин 2 кун блиц (5+2) баҳслари ўтказилади. Рапидда ғалаба — 2, блицда — 1 очко.
Блицнинг илк кунида 9 тур ўтказилди ва Абдусатторов ажойиб старт олди. У амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджу, Фабиано Каруана, Левон Аронян, Леньер Домингес ва Сэм Шанкландни мағлуб этди. Максим Вашье-Лаграв ва Ле Куанг Льем билан дуранг ўйнади, ғалабали позицияларда Уэсли Со ва Григорий Опаринга имкониятни бой берди.
Бир кунлик натижага кўра, Левон Аронян, Уэсли Со, Нодирбек Абдусатторов, Ле Куанг Льем ва Григорий Опарин — барчаси 6 очкодан тўплади. Қўшимча кўрсаткичларда Аронян пешқадам, Со — иккинчи, Абдусатторов — учинчи.
Умумий (рапид + блиц) жадвалда эса Нодирбек ва Уэсли Со 15 очко билан 4-ўринни бўлишмоқда, Аронян эса 19 очко билан якка етакчи. Бугун блицнинг қолган 9 тури ўтказилади.