2025 йил 4–7 ноябр кунлари Гонконг шаҳрида Халқаро йилқичилик федерацияси (FEI)нинг навбатдаги Бош ассамблеяси бўлиб ўтмоқда
Халқаро от спорти федерацияси томонидан ташкил этилган "FEI бош ассамблеяси"да Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раҳбарияти иштирок этади.
Сана: 4–7 ноябр 2025 йил
Жой: Гонконг шаҳри
2025 йил 4–7 ноябр кунлари Гонконг шаҳрида Халқаро йилқичилик федерацияси (FEI)нинг навбатдаги Бош ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Ушбу нуфузли тадбирда дунёнинг турли мамлакатларидан от спорти соҳасининг етакчи вакиллари, мутахассислар ҳамда халқаро ташкилотлар иштирок этмоқда.
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясидан ушбу анжуманда федерация раиси Ғазиев Баҳромжон ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Қурбонов Акбар иштирок этмоқдалар.
Ассамблея кун тартибида жорий йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тингланади, FEI аъзолари ўртасида тажриба алмашинуви ва ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилади. Шунингдек, келгуси йил учун устувор йўналишлар, халқаро мусобақалар тақвими ҳамда глобал от спорти ривожига оид ташаббуслар кўриб чиқилади.
Ўзбекистон делегацияси мазкур анжуманда мамлакатимизда от спорти ва йилқичилик соҳасини ривожлантириш, ёш спортчиларни тайёрлаш, халқаро стандартларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот беради ҳамда FEI билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни мақсад қилган.