locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

20-Осиё ўйинларида Кураш баҳсларининг сўнгги куни ўз ғолибларини аниқлади

Эркаклар ўртасидаги -66 кг вазн тоифасида ҳал қилувчи финал баҳси Эрон ва Тожикистон вакиллари ўртасида кечди.
Бошқа спорт турлари
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
20-Осиё ўйинларида Кураш баҳсларининг сўнгги куни ўз ғолибларини аниқлади
photo: Kurash Uzbekistan

20-Осиё ўйинларида Кураш баҳсларининг сўнгги куни ўз ғолибларини аниқлади

Айти–Нагояда ўтказилаётган 20-Осиё ўйинларининг Кураш дастури сўнгги кун беллашувлари билан якунланди. Айти префектураси Яккакурашлар саройида эркаклар ўртасида -66 кг, аёллар ўртасида +87 кг вазн тоифаларида қитъанинг кучли полвонлари медаллар учун баҳс олиб борди. Мазкур вазн тоифалари Осиё ўйинларининг Кураш дастуридаги сўнгги икки категория бўлди.

Эркаклар ўртасидаги -66 кг вазн тоифасида ҳал қилувчи финал баҳси Эрон ва Тожикистон вакиллари ўртасида кечди. Эронлик Мажид Воҳид Бариманлу тожикистонлик Ёсин Бобокалонов устидан ғалаба қозониб, Осиё ўйинлари чемпионига айланди.

Ундан аввалги ярим финалларда Воҳид Бариманлу Қирғизистон вакили Кубанычбек Айбек Ууулуни 3:0, Ёсин Бобокалонов эса юртдоши Сарвар Абдушукуровни 3:0 ҳисобида мағлуб этган эди.

Аёллар ўртасидаги +87 кг вазн тоифасида эса Корея Республикаси вакили Ким Минёнг олтин медалга сазовор бўлди. У финалда Хитой Тайпейи полвони Шиҳ Лю-Ли-Лингни ёнбош баҳоси билан мағлуб этди. Бу натижа Корея Республикаси учун Осиё ўйинларидаги Кураш бўйича илк олтин медал бўлди.

Ярим финалда Ким Минёнг Қозоғистон вакили Арайлим Шегеновани кичик устунлик билан енгган бўлса, Шиҳ Лю-Ли-Линг эронлик Фатемеҳ Бармаки Кордколаэени таслим этиб, финалга йўл олди.

Уч кунлик баҳслар якунига кўра, Кураш бўйича Осиё ўйинларида 10 та мамлакат вакиллари медалларга эга бўлди. Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин ва 2 та бронза медаль билан умумий жамғармада пешқадамлик қилди. Эрон 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза, Жанубий Корея 1 та олтин ва 1 та кумуш медаль қўлга киритди. Хитой Тайпейи ва Тожикистон вакиллари 2 тадан кумуш ва 1 тадан бронза, Япония ҳамда Қозоғистон 2 тадан бронза, Ҳиндистон, Қирғизистон ва Таиланд полвонлари эса 1 тадан бронза медаль билан тақдирланди.

Шу билан 20-Осиё ўйинларидаги Кураш беллашувлари ўз ғолиб ва совриндорларини аниқлаб, тарих саҳифасидан муносиб ўрин олди.

Сўнгги кун ғолиб ва совриндорлари
Эркаклар (-66 кг)
1. Воҳид Бариманлу Мажид (Эрон)
2. Бобокалонов Ёсин (Тожикистон)
3. Айбек Уулу Кубанычбек (Қирғизистон)
3. Абдушукуров Сарвар (Тожикистон)

Аёллар (+87 кг)
1. Ким Минёнг (Корея Республикаси)
2. Шиҳ Лю Ли-Линг (Хитой Тайпейи)
3. Фатемеҳ Бармаки Кордколаэе (Эрон)
3. Шегенова Арайлим (Қозоғистон)

Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг