11 июл куни икки шахматчимиз FIDE Жаҳон кубогининг тай-брек босқичида ўйнайди
Грузиянинг Батуми шаҳрида аёллар ўртасидаги FIDE Жаҳон кубоги қизғин паллага кирди. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи шахматчилари – Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова ва Афруза Ҳамдамова иштирок этмоқда.
Биринчи босқичда барча ҳамюртимиз рақибаларини мағлуб этган эди. Иккинчи даврада эса уларни анча кучли рақибалар кутиб олди:
• Гулруҳбегим Тоҳиржонова илк партияда хитойлик Лу Миаойига ютқазган, аммо жавоб учрашувида чиройли ғалабага эришиб, дуэльдаги ҳисобни тенглаштирди.
• Афруза Ҳамдамова икки карра жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Ҳампи Конеруга қарши жавоб учрашувини дуранг билан якунлаган бўлса-да, умумий натижага кўра мусобақани тарк этди.
• Умида Омонова икки партияда ҳам польшалик Европа чемпиони Алина Калинская билан дуранг ўйнади.
Шундай қилиб, Тоҳиржонова ва Омонова бугун тай-брек баҳсларида учинчи босқич йўлланмаси учун кураш олиб боришади.