Златан Ибрагимович ва Тайсон Фьюри Англия клубини сотиб олиш устида иш олиб бормоқда
Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Тайсон Фьюри ва швед футбол афсонаси Златан Ибрагимович Англиянинг «Моркам» футбол клуби эгаларига айланиши мумкин. Бу ҳақда The Sun нашри хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, клубни сотиб олиш ғояси ҳар икки спортчининг Польшадаги учрашувидан сўнг пайдо бўлган. У ерда улар футбол бўйича жаҳон чемпионати билан боғлиқ реклама кампаниясида бирга ишлашган. Суҳбат давомида клубни сотиб олиш ва лойиҳани янада ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинган.
Манбаларга кўра, жамоани харид қилишдан ташқари, Фьюри ва Ибрагимович Netflix платформасида дастлабки номи «Моркамнинг парвози» («The Rise of Morecambe») бўлган ҳужжатли сериални ишга туширишни режалаштирмоқда. Ушбу лойиҳа Голливуд актёрлари Райан Рейнольдс ва Роб Макелхенни сотиб олганидан сўнг Англиянинг энг кўп муҳокама қилинадиган клубларидан бирига айланган «Рексем» муваффақиятини такрорлаши кутилмоқда.
Тайсон Фьюрининг «Моркам» билан шахсий алоқалари бор, чунки у ушбу клуб жойлашган шаҳарда истиқомат қилади, унинг машғулот базаси ҳам жамоа стадионида жойлашган. Шунингдек, у ўзининг «Фьюриллар оиласи» («At Home with the Furys») номли оилавий лойиҳаси орқали Netflix билан ҳамкорлик қилиш тажрибасига эга.