Зидан Канте Франция терма жамоасига чақирмасликка қарор қилди
Франция терма жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан ярим ҳимоячи Н’Голо Кантени миллий жамоанинг навбатдаги йиғинига чақирмасликка қарор қилгани айтилмоқда. 35 ёшли футболчи янги мураббий давридаги дастлабки таркибдан ўрин олмайди. Бу ҳақда The Touchline хабар бермоқда.
Манбага кўра, Зидан Франция терма жамоасининг ярим ҳимоя чизиғини янгилаш ва асосий эътиборни ёшроқ футболчиларга қаратишни режалаштирмоқда. Шу сабаб Кантенинг миллий жамоадаги фаолияти якунига етаётган бўлиши мумкин. Ҳозирча Франция футбол федерацияси бу борада расмий баёнот бермаган.
Канте 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун Франция терма жамоаси таркибига киритилган, бироқ турнир давомида бирорта ҳам учрашувда майдонга тушмаган. FFF маълумотларига кўра, унинг миллий жамоадаги сўнгги ўйини 2026 йил 8 июнь куни Шимолий Ирландияга қарши ўтказилган.
Маълумот учун, Н’Голо Канте Франция терма жамоаси сафида 69 та учрашув ўтказиб, 2 та гол урган. У 2018 йилда жаҳон чемпиони бўлган, шунингдек, Евро-2016 финалида ҳам Франция билан иштирок этган. Ҳозирда 35 ёшли ярим ҳимоячи Туркиянинг “Фенербахче” клубида тўп тепмоқда.