Зидан Франция терма жамоасидаги қанот ҳимоячилари муаммосини ҳал қилишни талаб қилди
Франция терма жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан жамоада қанот ҳимоячилари позициясидаги муаммодан хавотирда. Мутахассис Франция футбол федерациясидан ушбу позиция учун янги футболчилар тайёрлаш бўйича узоқ муддатли чоралар кўришни талаб қилган. Бу ҳақда L’Équipe нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Зидан Франция футбол федерациясининг миллий техник директори Юбер Фурнье билан бу масалани муҳокама қилган. Шунингдек, у U-21 терма жамоаси бош мураббийи Жеральд Батикль ва U-20 жамоаси мураббийи Бернар Диомедга ёш футболчиларни қанот ҳимоячиси позициясида синаб кўриш бўйича кўрсатмалар берган. Мураббий келажакда ушбу позицияда сифатли футболчилар танловини кенгайтиришни истамоқда.
Жорий халқаро танаффус давомида ёшлар терма жамоаларида аслида марказий ҳимоячи сифатида ўйнайдиган «Монако» футболчиси Кристиан Мависса ва «Ланс» вакили Исмаэло Ганиу қанотларда синаб кўрилди. Зидан ва унинг штаби шу каби футболчиларни ёшлар даражасидаёқ янги позицияга мослаштириш орқали келажакда асосий терма жамоа учун қўшимча вариантлар яратмоқчи.
Маълумот учун, Зинедин Зидан Франция терма жамоаси бошқарувида ҳозиргача 3 та расмий учрашув ўтказди. Франция Миллатлар лигасида Туркияни 1:0, Белгияни 1:0 ҳисобида мағлуб этди ва Италия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Шу тариқа, Зидан бошчилигидаги жамоа 3 ўйинда 2 та ғалаба, 1 та дуранг қайд этиб, 3 та гол урди ва 1 та гол ўтказди. Франция 7 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди.