Жозе Моуринью «Реал»га «Олтин тўп» соҳибини олиб келмоқчи
«Бенфика» бош мураббийи, яқин вақтлар ичида Мадриднинг «Реал» клубини бошқариши кутилмоқдаган Жозе Моуринью «қироллик клуби» раҳбариятидан «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Родрини сотиб олишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Football Insider нашри хабар тарқатди.
Манбанинг маълум қилишича, 29 ёшли футболчининг «шаҳарликлар» сафидаги келажаги ҳануз қоронғуликда қолмоқда. Родри айни дамда клуб билан 2027 йилнинг ёзида якунланадиган шартномасини узайтиргани йўқ. Шу билан бирга, «Манчестер Сити» раҳбарияти 2024 йилги «Олтин тўп» соҳибини ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоада сақлаб қолиш ниятида.
Маълумот учун, Родри жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 32 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 2 та гол ёздириб қўйди. Transfermarkt портали берган маълумотларга кўра, испаниялик ярим ҳимоячининг айни пайтдаги бозор қиймати 65 миллион еврони ташкил этади.