Жорже Жезус: “Роналду яхши ўйнаса — майдонга тушади”
Португалия терма жамоаси бош мураббийи Жорже Жезус Криштиану Роналдунинг миллий жамоадаги алоҳида мақоми унга асосий таркибдан жойни кафолатламаслигини маълум қилди. Мутахассиснинг таъкидлашича, 41 ёшли ҳужумчининг майдонга тушиши унинг айни пайтдаги спорт формасига боғлиқ бўлади. Бу ҳақда Португалиянинг Renascença нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Жезус Роналду фаолияти давомида эришган улкан ютуқларини эътироф этган, бироқ таркиб танлашда футболчининг ўтмишдаги хизматлари эмас, ҳозирги кўрсаткичлари ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлаган. Мураббий беш карра “Олтин тўп” соҳиби Футболчига бошқа футболчилар билан бир хил спорт тамойили асосида ёндашишини билдирган.
“Унинг ўтмиши ва фаолияти қароримга таъсир қилмайди. Роналду бошқалардан фарқли мақомга эга, албатта. Аммо у яхши ўйнаса — майдонга тушади, яхши ўйнамаса — ўйнамайди”, — дея Жорже Жезуснинг сўзларини келтиради манба. Португалия янги мураббий қўл остидаги дастлабки учрашувини 24 сентябр куни UEFA Миллатлар лигаси доирасида Уэльсга қарши ўтказади.
Маълумот учун, Криштиану Роналду Португалия терма жамоаси сафида 233 та учрашувда 146 та гол урган. У ҳар икки кўрсаткич бўйича эркаклар терма жамоалари футболида жаҳон рекордчиси ҳисобланади. Роналду Португалия сафида 2003 йилдан буён тўп тепиб келмоқда.