Жонни Кардозо операция қилинади
«Атлетико Мадрид» ва АҚШ терма жамоаси яримҳимоячиси Жонни Кардозо ўнг оёқ тоғиғидан олган жароҳати сабабли операция қилинади. Бу ҳақда Мадрид клубининг расмий сайти хабар тарқатди.
Кардозо ўтган ҳафтада «матрасчилар»нинг машғулоти давомида жароҳат олган эди. 24 ёшли хавбекда «бўғимнинг шикастланиши билан кузатиладиган жиддий боғламлар чўзилиши» ташхиси қўйилди. Яқин вақт ичида футболчи жарроҳлик амалиётини ўтайди.
Испания ОАВларининг маълумотларига кўра, Кардозонинг тикланиш жараёни 3 ойдан 6 ойгача давом этиши мумкин. Шу тариқа, футболчи жорий йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтадиган ЖЧ-2026ни ўтказиб юбориши эҳтимоли юқори.
Эслатиб ўтамиз, турнирнинг гуруҳ босқичида АҚШ терма жамоаси Туркия, Парагвай ва Австралия термаларига қарши баҳс олиб боради.