Жон ван 'т Шип Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди
Нидерландиялик мутахассис Жон ван 'т Шип Қозоғистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи этиб тайинланди.
Қозоғистон футбол федерацияси 62 ёшли мураббийнинг тайинланганини расман эълон қилди. Ван 'т Шип ушбу лавозимда Талғат Байсуфинов ўрнини эгаллади.
Мутахассиснинг сўнгги иш жойи Арманистон терма жамоаси бўлган. У аввалроқ Амстердамнинг “Аякс” клубида ҳам фаолият олиб борган. Ван 'т Шип 2025 йил ёзида Арманистон терма жамоасини тарк этганидан сўнг қарийб бир йил давомида мураббийлик қилмаган.
Байсуфинов бошчилигидаги Қозоғистон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Бельгия, Уэльс, Шимолий Македония ва Лихтенштейн билан бир гуруҳда қатнашиб, тўртинчи ўринни эгаллаган ва мундиал йўлланмасини қўлга кирита олмаган.
Қозоғистон терма жамоасининг навбатдаги расмий турнири УЕФА Миллатлар лигасининг C дивизиони бўлади. Жамоа сентябрь ойида Фарер ороллари, Молдова ва Словакия билан бир гуруҳда баҳсларга киришади.