Жоау Палинья фаолиятини “Астон Вилла”да давом эттириши мумкин
“Бавария” ярим ҳимоячиси Жоау Палинья фаолиятини яна Англия Премьер-лигасида давом эттириши мумкин. TEAMtalk маълумотига кўра, 31 ёшли португалиялик футболчига “Астон Вилла” жиддий қизиқиш билдираётгани айтилмоқда.
Манбага кўра, “Астон Вилла” Палинья трансферини имкон қадар тезроқ якунлаб, бу курашда “Ньюкасл”ни ортда қолдирмоқчи. “Бавария” раҳбарияти эса футболчига янги мавсум учун режаларида унга таяна олмаслигини маълум қилган.
Бирмингем клуби Палиняни сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олишни истамоқда. Бироқ “Бавария” футболчини тўлиқ трансфер асосида сотишни афзал кўрмоқда. Айни пайтда “Астон Вилла” португалиялик ярим ҳимоячини қўлга киритиш учун “Ньюкасл”га нисбатан кўпроқ имкониятга эга экани таъкидланмоқда.
Ўтган мавсумни Палинья ижара асосида “Тоттенхэм” сафида ўтказди. У барча мусобақаларда 45 та учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол ва 3 та голли узатма қайд этди. Энди португалиялик футболчининг навбатдаги манзили “Астон Вилла” бўлиши мумкин.