Жоау Канселу «Барселона»да қолиш учун маошининг камайишига ҳам рози
«Ал Ҳилол» клубига тегишли бўлган ва январ ойидан буён ижара асосида «Барселона» шарафини ҳимоя қилаётган қанот ҳимоячиси Жоау Канселу фаолиятини Каталония клубида давом эттирмоқчи. Sport.es нашрининг хабар беришича, 31 ёшли футболчи «кўк-анор ранглилар» сафида камида яна икки мавсум ўйнашни мақсад қилган. Шундан сўнг, Канселу ўз ватанига қайтиб, фаолиятини «Бенфика» клубида якунлаш вариантини кўриб чиқмоқда.
Манбага кўра, Саудия Арабистони клуби португалиялик ҳимоячининг тўлиқ трансфери учун 10 миллион евро талаб қилмоқда. Канселу «Барселона»да қолиш учун молиявий шароитларини қурбон қилиб, маошининг сезиларли даражада камайишига ҳам розилик берган. Каталонияликлар раҳбарияти ва мураббийлар штаби ҳам тажрибали футболчининг хизматларига жиддий қизиқиш билдирмоқда ва бу трансферни ижобий ҳал этишга уринаётир.
Маълумот учун, Жоау Канселу муқаддам 2023/2024 йилги мавсумда ҳам ижара асосида каталонияликлар сафида тўп тепган эди. У «Барселона» таркибида шу вақтга қадар жами 65 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 6 та гол уришга ҳамда 9 та голли узатмани амалга оширишга муваффақ бўлган.