Жоао Педро «Челси»да мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топилди
Лондоннинг «Челси» клуби ҳужумчиси Жоао Педро 2025/2026 йилги мавсум якунларига кўра жамоанинг энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда Лондон клубининг расмий сайти хабар бермоқда.
Бразилиялик форвард жорий мавсумда барча турнирлар доирасида 49 та учрашувда майдонга тушиб, 20 та гол уришга ҳамда 9 та голли узатмани амалга оширишга эришди.
Жоао Педро клубнинг энг яхши ўйинчисини аниқлаш учун ўтказилган онлайн овоз бериш жараёнида 60% дан ортиқ овоз тўплади. Сўровномада иккинчи ўринни ярим ҳимоячи Энсо Фернандес, учинчи ўринни эса яна бир хавбек Мойсес Кайседо эгаллади.
Маълумот учун, бразилиялик ҳужумчи «Челси» сафида 2025 йилнинг июл ойида «Брайтон энд Хов Альбион» клубидан кўчиб ўтган эди. Педронинг «кўклар» билан амалдаги шартномаси 2033 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали ўйинчиинг айни дамдаги трансфер қийматини 75 миллион еврога баҳоламоқда.