Жеймс: «Шунчаки омад биз томонда бўлмади»
Рис Жеймс «Челси»нинг «Манчестер Сити»га қарши Англия Кубоги финалидаги (0:1) мағлубиятига изоҳ берди.
«Мағлуб бўлиш жуда аламли. Агар ҳисобни эмас, ўйиннинг ўзига қарасак, биз рақибдан қолишмадик, улар билан тенг ўйнадик. Биринчи бўлимда улар кўпроқ тўп назоратига эга бўлишди, аммо бу биз учун жиддий хавф туғдирмади. Иккинчи бўлимда эса ярим имкониятдан гол уришди.
Мен қўлимдан келган барча ишни қилдим. Финалда ҳар бир футболчи ғалаба қозонишни истайди — бу маҳаллий мусобақа бўладими ёки Англия Кубогими, фарқи йўқ. Жамоада ҳеч кимнинг интилишини шубҳа остига қўймайман — барчамиз ғалабани хоҳладик. Шунчаки омад биз томонда бўлмади.
Энди дам олишимиз, тикланишимиз ва кейинги ўйинга — «Тоттенхэм»га қарши баҳсга тайёргарлик кўриш учун машғулотларга қайтишимиз керак. Бу мавсумда имкониятларимиздан паст ўйнадик. Мухлислардан натижалар учун узр сўрайман. Осон бўлмади, аммо тез орада вазиятни яхшилашга умид қиламан», — деди жамоа сардори клуб расмий сайтига.