Жеймс Милнер АПЛ тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланди
Англия футболи тарихида янги саҳифа очилди. «Брайтон» яримҳимоячиси, 40 ёшли фахрий футболчи Жеймс Милнер Премьер-лига (АПЛ) тарихида ўтказилган ўйинлар сони бўйича мутлоқ рекордни ўрнатди.
Англия чемпионатининг 27-тури доирасидаги «Брентфорд»га қарши баҳсда Милнер «чағалайлар»нинг асосий таркибида майдонга тушди. Ушбу учрашув инглиз футболчиси учун турнирдаги 654-ўйин бўлди. Шу тариқа, у узоқ йиллик рекордчи Гарет Баррини (653 ўйин) ортда қолдириб, турнир тарихидаги энг тажрибали футболчига айланди.
АПЛ тарихида энг кўп ўйин ўтказган топ-5 футболчи:
- Жеймс Милнер – 654 та ўйин
- Гарет Барри – 653 та ўйин
- Райан Гиггз – 632 та ўйин
- Фрэнк Лэмпард – 609 та ўйин
- Дэвид Жеймс – 572 та ўйин
Жеймс Милнер ўзининг бой фаолияти давомида «Лидс», «Ньюкасл», «Астон Вилла» ва «Манчестер Сити» каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган. Унинг фаолиятидаги энг ёрқин давр «Ливерпуль» клуби билан боғлиқ бўлиб, у мазкур жамоа либосида энг кўп — 230 та учрашувда майдонга тушган.