Жейми Варди “Вест Хэм”га ўтиши мумкин
Англиялик тажрибали ҳужумчи Жейми Варди фаолиятини “Вест Хэм Юнайтед” клубида давом эттириши мумкин. Sky Sports маълумотига кўра, Лондон клуби 39 ёшли футболчини ҳужум чизиғини кучайтириш вариантларидан бири сифатида кўриб чиқмоқда. Айни пайтда Варди эркин агент мақомида.
“Вест Хэм” янги мавсум олдидан ҳужум чизиғига тажрибали футболчи қўшмоқчи ва Варди клуб раҳбариятининг эътиборидаги номлардан бири бўлиб турибди. Ҳозирча томонлар ўртасида расмий келишувга эришилгани ёки шартнома таклиф қилингани ҳақида маълумот йўқ.
Варди фаолиятининг энг катта қисмини “Лестер Сити” сафида ўтказган. У 2012-йилдан 2025-йилгача ушбу клуб шарафини ҳимоя қилиб, жамоа билан Англия Премьер-лигаси, Англия кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган. Шунингдек, “Лестер” билан икки марта Чемпионшип ғолибига айланган.
Тажрибали ҳужумчи фаолияти давомида “Халифакс Таун”, “Флитвуд Таун”, “Кремонезе” каби клубларда ҳам тўп сурган, шунингдек, Англия миллий терма жамоаси сафида майдонга тушган. Эндиликда Вардининг навбатдаги манзили “Вест Хэм” бўлиши мумкин, бироқ трансфер бўйича якуний қарор ҳозирча қабул қилинмаган.