locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

ЖЧ-2026: Швеция гуруҳ босқичининг дастлабки турида Тунисни тор-мор этди

Шведлар гуруҳ пешқадамига айланиб олди.
Футбол
Насрулло Каримов
Насрулло Каримов
Журналист
ЖЧ-2026: Швеция гуруҳ босқичининг дастлабки турида Тунисни тор-мор этди
ЖЧ-2026: Швеция гуруҳ босқичининг дастлабки турида Тунисни тор-мор этди

Футбол бўйича 2026-йилги Жаҳон чемпионати «F» гуруҳи 1-тури доирасида Швеция ва Тунис терма жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Мексиканинг Гвадалупа шаҳридаги «BBVA» стадионида ўтган баҳсда шведлар 5:1 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритишди.

Учрашувнинг 7-дақиқасидаёқ Ясин Айари гол уриб, Швеция терма жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 30-дақиқада Александр Исак жамоасининг устунлигини иккига оширди. Биринчи бўлим якунланиши арафасида Тунис терма жамоаси Омар Рекикнинг саъй-ҳаракатлари эвазига фарқни қисқартиришга муваффақ бўлди. Бироқ 59-дақиқада Виктор Дёкерес шведларнинг учинчи голини киритиб, ҳисобдаги фарқни яна оширди. Ўйин якунида Швеция яна икки гол уришга эришди: 86-дақиқада Маттиас Сванберг, 90+6-дақиқада эса Ясин Айари ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.

Швеция ва Тунис жой олган гуруҳда, шунингдек, Нидерландия ҳамда Япония терма жамоалари ҳам ўрин эгаллаган бўлиб, уларнинг ўзаро 1-тур баҳсида 2:2 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Шу тариқа, 3 очко жамғарган Швеция гуруҳда биринчи ўринга кўтарилиб олди. Квартетда кейинги ўринларни Нидерландия ва Япония (1 очкодан) банд этган бўлса, Тунис ҳозирча сўнгги поғонада (0 очко) бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилги Жаҳон чемпионати 11-июндан 19-июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтмоқда. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади. Жорий Жаҳон чемпионатида жами 48 та терма жамоа иштирок этаётган бўлиб, улар тўрттадан 12 та гуруҳга бўлинган.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг