ЖЧ-2026 саралаши. ЖАР мундиалга йўлланма олган 23-жамоага айланди
Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) миллий жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олди. ЖАР ўз майдонида ўтказилган саралаш учрашувида Руанда устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Беллашувдаги голларга Таленте Мбата (5), Осуин Апполис (26) ва Эвиденс Макгопа (72) муаллифлик қилди.
Ушбу натижадан сўнг ЖАР 18 очко жамғариб, «C» гуруҳида биринчи ўринни эгаллади ва ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритди. Бу — мамлакат тарихида 2010 йилги уй мундиалидан кейинги илк Жаҳон чемпионати бўлади, ўшандан бери жамоа саралашдан ўта олмаётганди.
Нигерия эса 17 очко билан иккинчи ўриндан жой олди ва 2026 йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган плей-офф ўйинларида иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Бенин, Лесото, Руанда ва Зимбабве эса мос равишда 3—6-ўринларни эгаллаб, мундиал йўлланмасидан маҳрум бўлди.
Шу тариқа, ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритган 23 жамоа номи маълум бўлди: Ўзбекистон, Австралия, Парагвай, Колумбия, Эквадор, Бразилия, Уругвай, АҚШ, Марокаш, Мексика, Тунис, Миср, Канада, Жазоир, Япония, Гана, Кабо-Верде, Янги Зеландия, Эрон, Аргентина, Иордания, Жанубий Корея ва ЖАР.