locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

ЖЧ-2026 ортидан мураббийлар алмашинуви. 8 нафар мураббий ишсиз қолди

Истеъфолар 8 тага етди.
ЖЧ-2026 ортидан мураббийлар алмашинуви. 8 нафар мураббий ишсиз қолди
ФОТО: Getty images

2026 йилги Жаҳон чемпионатининг энг қизиқарли палласи энди бошланган бўлса-да, айрим терма жамоалар учун турнир аллақачон якунланди.

Одатдагидек, муваффақиятсиз натижалардан кейин қатор миллий федерациялар бош мураббийлар билан хайрлашишга қарор қилди. Ҳозиргача 8 нафар мураббий ўз лавозимидан бўшатилди. Биз уларга тўхталиб ўтишга қарор қилдик.

Роналд Куман — Нидерландия

Нидерландия терма жамоаси бош мураббийи Роналд Куман Жаҳон чемпионатидаги омадсиз иштирокдан кейин истеъфога чиқди. Федерация у билан шартномани узайтириш эҳтимолини кўриб чиққан бўлса-да, мутахассис қарорни шахсан ўзи қабул қилди.

Марокашга қарши 1/16 финалдаги мағлубият (1:1, пенальтиларда 2:3) Куман учун ҳал қилувчи омилга айланди.

«Биз Жаҳон чемпионатида тарих ёзишни орзу қилгандик. Бу амалга ошмади. Бундан мендан кўра кўпроқ ҳеч ким хафа эмас. Бош мураббий сифатида барча масъулиятни ўз зиммамга оламан», — деди Куман.

Бу унинг терма жамоадаги иккинчи фаолияти эди. Илк бор у 2018 йилда жамоани қабул қилиб, Нидерландияни Евро-2020га олиб чиққан. Кейин «Барселона»га ўтган Куман 2022 йилги мундиалдан сўнг яна термага қайтди. Унинг қўл остида жамоа Евро-2024 ярим финалигача етиб борган эди.

Себастьян Беккасесе — Эквадор

Аргентиналик Себастьян Беккасесе учун вазифа Эквадор тарихидаги энг яхши Жаҳон чемпионатини ўтказиш эди.
Гуруҳ босқичида Германияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган жамоа яхши таассурот қолдирди. Бироқ 1/16 финалда Мексикага 0:2 ҳисобида ютқазиб, мусобақани тарк этди.

«Биз ваъда қилинган натижага эриша олмадик. Лекин жуда аҳил жамоа қолдирдик. Олдиндаги келажак учун ҳали ҳам катта ишонч бор», — деди Беккасесе.

Ҳозирча унинг кейинги фаолияти ва Эквадорнинг янги мураббийи ким бўлиши номаълум.

Марсело Бьелса — Уругвай

Уругвай терма жамоаси гуруҳ босқичидан ўта олмаганидан кейин Марсело Бьелса ҳам лавозимини тарк этди.

Матбуот анжуманида у қарийб бир ярим соат давомида жамоанинг муваффақиятсизлиги сабабларини таҳлил қилди.

«Масъулият тўлиқ менда. Ихтиёримдаги футболчилар салоҳиятидан тўлиқ фойдалана олмадим. Бошқача қарор қабул қилганимда ҳам натижа ўзгаришига ишонмайман», — деди Бьелса.

Уругвай терма жамоасига асосий номзод сифатида Марсело Гальярдо кўрилмоқда.

Хон Мён Бо — Жанубий Корея

Жанубий Кореянинг Жанубий Африкага қарши ҳал қилувчи мағлубияти (0:1) мамлакатда катта танқидларга сабаб бўлди.

Бош мураббий Хон Мён Бо ўз истеъфосини эълон қилиб, барча айбни ўз зиммасига олди.

«Корея халқидан чин дилдан узр сўрайман. Терма жамоа бош мураббийлигидан кетаман. Натижа учун тўлиқ жавобгарман», — деди у.

Стив Кларк — Шотландия

Стив Кларк раҳбарлигида Шотландия 28 йилдан кейин Жаҳон чемпионатига чиққан эди.

Бироқ гуруҳда фақат Гаитини мағлуб этган шотландлар Марокаш ва Бразилияга ютқазиб, плей-оффга чиқа олмади.

Турнирдан бир ой олдин тўрт йиллик янги шартнома имзолаган Кларк ҳам истеъфо беришга қарор қилди.

Айни пайтда унинг ўрнига асосий номзод сифатида Ангелос Постекоглу кўрилмоқда.

Мирослав Коубек — Чехия

Чехия терма жамоаси гуруҳ босқичида атиги бир очко тўплади ва мусобақани тарк этди.

Бош мураббий Мирослав Коубек жамоатчилик босими ортидан истеъфога чиқди.

«Бу қарорга натижалар билан бирга менга қарши олиб борилган асоссиз медиа кампания ҳам таъсир қилди», — деди мутахассис.

Сабри Лямуши — Тунис

Тунис терма жамоаси бош мураббийи Сабри Лямуши Швецияга қарши 1:5 ҳисобидаги мағлубиятдан кейинёқ ишдан бўшатилган эди.

Унинг ўрнига келган Эрве Ренар ҳам жамоани қутқара олмади — Тунис учала учрашувда ҳам мағлуб бўлиб, умумий ҳисобда 12 та гол ўтказиб борди.

Юлиан Нагельсманн — Германия

Германия учун турнир омадсиз якунига етди. Натижада федерация Юлиан Нагельсманн билан хайрлашишга қарор қилди. Унинг 2028 йилга қадар шартомаси бўлишиига қарамай, муддатидан олдин келишув тўхтатилди. Бунинг эвазига мураббийга 7 миллион евро атрофида товон пули тўланадиган бўлди.

Унинг ўрнини Юрген Клопп эгаллаши кутилмоқда. У айнан терма жамоада ишлаш учун мураббийлик фаолиятини тиклашга қарор қилган. Якуний гап Германия футбол иттифоқида қолмоқда.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг